воскресенье, 4 января 2009 г.

Эҳтиёт бўлинг: Залолатга элтувчи китоб

Эҳтиёт бўлинг: Залолатга элтувчи китоб

Кейинги йилларда "ҳурфикрлилик"ни ниқоб қилиб олиб, халқимизнинг муқаддас қадриятларига путур етказишга, эл ичида диний парокандалик юзага келтиришга интилаётганлар пайдо бўлди. Билиб-билмай, бу йўлда уларга қўшилиб, ҳаммаслак бўлиб қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Чунки кўпчилигимиз бунинг зимнида нима турганини ўйлаб кўрмаймиз...

Масала тарихига назар ташласак, "ошкоралик" замонидан бери турли ғаройиботлар ҳақидаги миш-мишлар, "учар тарелка"лар, "нариги дунёга саёҳат" сингари хабарлар асносида бизларни эътиқодий парокандаликка тайёрлаб келишгани аён бўлади. Марҳумлар руҳи билан мулоқот, бошқа олам вакиллари билан алоқада бўлиш, ўзга дин вакиллари кўрсатган "мўъжиза"лар каби "ажабтовур" ҳодисалар газета-журналларда зўр бериб ёритилди. Бундан мақсад бизни исломдан қайтариб, бошқа, узоқ элларнинг динига ўтказишга тайёрлашдан иборат эди. Чунки ҳар қандай ахборотда, оздир-кўпдир, мафкура бўлади. Борингки, мақсад шундай бўлмаган тақдирда ҳам, айрим оммавий ахборот воситалари "сенсация" кетидан қувиб, шунга хизмат қилиб қўйишди.

Бир элни ўз динига оғдириш - шу юртни ўз таъсирига киритишнинг энг осон йўли. Уларнинг туб нияти шу. Ўрта Осиё халқлари, жумладан ўзбекларни христианликка (унинг ҳам уммон ортида расм бўлган қайсидир секталарига) ўтказишга уриниш ҳаракати асло сусаймаяпти. Дунёқараши шаклланмаган, эътиқоди суст айрим одамларнинг муваққат қийинчиликлар олдида эсанкираб қолганлиги бу борада миссионерларга хийла қўл келди. Советнинг темир қўрғони барбод бўлгач, улар ўз давлатларининг махсус хизматлари кўмагида Ўрта Осиёнинг жами бурчакларига етиб бориб, таъсир ўтказишнинг барча шаклларидан фойдаланиб, содда одамларни ўз динига тарғиб эта бошладилар.

Рамазон кунларининг бири. "Халқлар дўстлиги" метро станцияси ичида икки ўзбек аёл ўриндиққа ҳар хил китобларни ёйиб ўтиришибди. "Ука, манави нарсаларни ўқиб кўринг, савоб бўлади", деб менга ҳам бир юпқароғини ҳадя қилишди. "Қуръоннинг гувоҳлиги" деган бу варақани ихлос билан қўлга олдим. Аммо икки-уч жумласини ўқибоқ, ажабландим. Унда ёзилишича... гўё Қуръон ҳам, асл дин - христианлик, деб "гувоҳлик" берар эмиш. Бошқа китобларини ҳам қарадим, ҳаммаси - аллақандай миссионерлар ёзган ва бирон имонсиз шахс ўзбек тилига таржима қилган битиклар. "Опажон, - дедим, - сизлар мусулмонмисизлар ўзи?" "Вой, албатта-да, нимага сўраяпсиз?" "Ахир, бу китоблар ўзбекларни диндан чиқаради-ку? Ниятларингиз шунақами?" "Вой, йўқ, унақа деманг, айланай ука", дея "виставка"ни йиғиштириб, шоша жўнаб қолишди. Миссионерлар йўлига кириб, дину имонини сотишган экан улар.

Маълумки, ҳар бир одамнинг табиатида дунё сир-синоатларини англашга, ўзлигини қидиришга интилиш бўлади. Бу табиий, ҳатто ижобий хислат. Зеро ана шу "мен"ини топиш ва бошқаларга ҳам ўзини эътироф эттириш истаги катта-катта кашфиётларга туртки бўлади. Айримлар янгилик қидириб, сирли, сеҳрли, ҳатто илоҳий масалалар борасида изланиб кўради. Ўзбилармонликка берилиб, ўтган алломаю авлиёларни инкор этади, шаккоклик чегарасига қадар бориб қолади. Ва... тавба қилиб, қайтади. Унинг зарари кўп эмас. Инсон боласининг аъмоли шу - изланади. Бироқ шундай китоблар ҳам борки, муаллифи гапни "бисмилло"дан бошлайди, ўзи ислом уламоси бўлиб кўринади, аммо ўқиб тугатгач, дин соҳасида билимингиз кам, тушунчаларингиз саёзроқ бўлса, қандай қилиб бошқа динга майлингиз ошганини пайқамай ҳам қоласиз. Шундан асрасин.

Бинобарин, ўз ичимиздан чиққан, китоблар ёзиб тарқатиб, одамлар дунёқарашини бузишга, ўзбек халқида исломий эътиқод тўғрилигига шубҳа уйғотишга ҳаракат қилиб, хориждаги ҳаммаслак ва ҳамфикр оғалари тегирмонига сув қуяётган кимсаларга нима деса бўлади?

"Ҳозирги замон тушунчаси билан айтганда "Китоб - ул китоб"ни ёзиб борувчи ва илоҳий тил бўлмиш - "Коинот тили" инсонларга етказувчи МЕН-Исмим ИСМОИЛЖОН, Фамилиям ЭРГАШЕВ, Мулла Эргаш Охуннинг ўғлиман, - деб ёзади "Фазовий Фан ёки Самовий Китоб" деб номланган китобнинг муаллифи. - ...ТошДУнинг филология факультетини тамомлаб, мактабларда 40 йилга яқин ўзбек тили ва адабиётидан дарс бериб, олий тоифали ўқитувчи сифатида нафақага ўтганман. Бу китобнинг ёзила бошлаганига ҳам бир неча йиллар бўлди".

Ажаб: "олий тоифали тил ва адабиёт ўқитувчиси", асакалик Исмоил Эргашев ёзган шу учта жумлада 15 та имловий, тиниш белгиларига оид ва услубий хато мавжуд. Ҳолбуки, мактаб боласи беш-олти бетлик иншода еттита хато қилса, оладиган баҳоси икки бўлади. Етти-саккизта сўзли жумлани етти-саккизта хато билан ёзадиган бу одам қандай қилиб «олий тоифали» деб топилган экан, билмадик.

Билганимиз, шу одам элимизни диндан қайтариш, эътиқодини пароканда қилиб, хурофот сари тортиш учун кўп йиллар давомида астойдил ҳаракат қилиб келди. Ана шу интилишларининг "самараси" сифатида бир неча китоб ёзиб чоп эттирди ҳам. Ҳозир тилга олинган "Фазовий Фан ёки Самовий Китоб" - шуларнинг бири. Яқинда бир тасодиф билан қўлимизга келиб етган бу "асар"ни варақлаб, ҳайратда қолдик: унинг муқовасига "Чек - 1997" деб битилган. Аммо ичида, китобнинг сўнгги бетига муаллиф "Январ 2000 йил" деб имзо чекипти. Баайни "Бир ёлғондан қирқ ёлғон" эртагидагидек: бу "асар" ё ёзилмасдан аввал босилиб чиққан, ёки... нашр этилганидан сўнг ёзилган. У қаерда, қанча нусха чоп этилган, муҳаррири ким, нашриёти қайси - билиб бўлмайди. Титул варағи ҳам, мундарижаси ҳам йўқ.

36 бетлик бу китоб "Аслий инсон - абадий", "Фазо ва инсонлар", "Сунъиятлар сири", "Китоб - ул китоб", "Бисахела - илоҳий тил ёки коинот тили", "Ясин сўзи ва бир оят таҳлили" ва "Олти осмон оралаб..." деган еттита ваҳимали фаслдан иборат.

Гарчи И.Эргашев муқаддимасида "Бу иш пайғамбарлик ҳам, авлиёлик ҳам эмас... мен сизлар сингари оддий бир инсонман. Бу оддий самовий боғланиш. Мен самовий шартларга жавоб бера олганим учун танланганман, холос", (3-бет) деса-да, тагматнда айнан пайғамбарлик даъвоси аён кўриниб туради. Эпчил бир қўл расулуллоҳ ҳаётидан олинган баъзи лавҳаларни билинтирмасдан кўчириб олади, бироз ўзгартиради ва... И.Эргашевга ёпиштиради. Чунончи, китобнинг "Олти осмон оралаб..." деган охирги фасли нақ меърожноманинг ўзи: фарқи - бу янги чиққан "пайғамбар"ни Жаброил эмас, қандайдир "819642 рақамли илоҳий ходим" фалакка олиб чиққан эмиш. Фантастик фильм лавҳаларига ўхшаш бу саёҳатда муаллиф ҳамиша ўзини тил-адабиёт ўқитувчиси эмас, худди колхоз табелчисидай тутади: "Бу олам ҳақида мени етакловчим шундай ахборот берди: "Бу 3-осмондаги 62341-олам ҳисобланади. Бу сайёрада 6472 турдаги мавжудот бор. Шундан 511 тури жисмли тана ва қолипли танага эга. Инсонга ўхшашроқлари 641 тур. Бу оламда 9781682 тур махлуқот ва 381584 хилдаги ўсимликлар бор". Қойил дейсиз: бу одамнинг ҳушёрлигини қаранг - осмонга қоғоз-қалам олиб чиқиб, ёзиб юрипти! Ҳамма жойда рақаму рақам: "3-осмонда эса жиҳозланган 21000 олам бор. Жиҳозланаётган 39000 олам бор. Парчаланган 54000 олам бор. Совутилаётган 91000 олам бор. Заҳирага эса 911429та олам қўйилган. Муваззанатларни сақлаш учун 121.617.213941.827.613 оламчалар бор" (11-бет).

Бунақа миллиону миллиард рақамли "маълумот"лар 36 бетли китобчада камида икки юзта.

Чамаси, муаллиф бир қадар паранойяли ҳолатда бўлган кўринади: "7-осмондаги олий онг эгаларининг синовларидан ўтишдан сўнг, - деб ёзади у, - менга "Улумил иллаҳа ва финс ансум валиятул ҳатибан шаҳа" унвони берилди. Бу эса ўзбек тилида "Фанларни ўргатувчи устозларнинг устози - подшоҳи" демакдир. Шу сабабли мени исмимга шоҳ унвони қўшиш тавсия этилди" (18-бет).

Бу ҳам ботинан пайғамбарликка даъво. Зеро жами олимларнинг устози Муҳаммад алайҳиссаломдир, И.Эргашев каби шахслар эмас. Расулуллоҳнинг "Олимлар менинг меросхўрларимдир" деб айтгани - бунинг шаҳодати. Бошқа далил-исботга ҳожат йўқ. Аммо И.Эргашевнинг гўё уни синовдан ўтказган "7-осмондаги "олий онг эгалари" деган гапи эса, ширкнинг ўзгинаси, холос.

И.Фазовий ҳар қандай сўзни чайнаб, ўзича талқин қилишга уринади. Унингча, "Исмоил" сўзининг асли "И сама ал иллаҳа" бўлиб, ўзбекча Аллоҳнинг ўзи юборгани демакдир" (18)... Қизиқ, дунйодаги жамики олимларга устозлик ва подшоҳлик даъвосидаги бу одам аслида ўз отининг маъносини ҳам билмас экан ("Исмоил" қадимги яҳудийча "Измаил"дан олинган бўлиб, "худо эшитади" дегани). Ёки кирилл ёзувидаги "кирилл" сўзини чайнаб кўриб, бу "Ҳуруфили Иллаҳа-Аллоҳнинг севгани" дегани, деб уқтиради. Яна, Оллоҳ-таоло деган бирикмадаги "таоло" (юксак) сўзини "тузатиб"... "Аллоҳ таҳвил аъло" деб битади. Агар араб тилидан сал-пал хабари бўлганида эди, таҳвил - кўчириш, ҳавола қилиш, бир ҳолдан бошқа ҳолга ўтиш ва бошқа бир маъноси - қўрқиш эканини билган бўларди (Унинг шогирди А.Абдураҳмонов бу қўлбола этимологияни кейинчалик "илмий" изоҳлаб, "Аллоҳ таҳвили аъло" - бутун Борлиқни аъло даражада ўзгартириб, парваришлаб турувчи", дегани, деб изоҳлайди.

И.Эргашев янги бир "тил" ўйлаб топади. Уни "бисахела" деб номлайди ва... "илоҳий, коинот тили" деб эълон қилади. Гўё, Оллоҳ таоло ва жами "коинот ходимлари" шу тилда сўзлар эмиш. Аслида, бу қўлбола "тил" - айрим арабча сўзларга форсий изофалар қўшиш, қолмишига оғизга келган нарсани валдирашдан бошқа нарса эмас. "Шундай қилиб, - деб ёзади И.Эргашев китобининг 22-бетида, - БИСАХЕЛА - ИЛОҲИЙ ТИЛнинг инсонларга берилган куни 27 май 1997 йил куни бўлиб қолди. Бу шонли сана-абадий қутлуқ кундир".

"Бу тил Аллоҳ таоло дастлаб биринчи яратган мавжудоти мустақил қадам қўйиб юра бошлаганда "Зеҳ" ("бир" ёки "яхши") деб айтган сўзи Коинотнинг "Зеҳ" йилига асос бўлиб, ана шу калом айтилган лаҳзадан бошлаб коинотнинг вақт ҳисоби - "зеҳ" йили бошланган, - деб ёзади унинг шогирди Абдулҳай Абдураҳмонов. - Аллоҳ таоло Ўзининг биринчи мавжудоти билан овоз чиқариб гапира бошлаган бу тил илоҳий бўлиб, у кейинчалик Коинотнинг умумий тилига айланди ва яратилган барча мавжудотларга берилди. Улар товуш, тушунча, белги, фикрий узатишлар йўли билан ва фикрий далилларга асосланган дил тиллари билан ҳам гаплашадилар...

Коинот тилини ўрганган инсон ўзининг яшаб турган оламида туриб, бошқа оламдаги бирор ўзига таниш ёки нотаниш мавжудотлар билан ҳам мулоқотга киришиб гаплашиши мумкин".

Хўш, шундай бўлса, "ҳамма ва ҳар қандай махлуқ тушунадиган Коинот тили"да битилган бир парчани ўқиб кўрайлик-чи:

"Села раду ҳела баду ҳемина мина,
Айлу ҳайлу ҳаймурана ҳеҳина ҳина..."

Хўш, шу матндан Сиз бирон нимани тушундингизми? Йўқ? Хўп, унда мушугингизга ўқиб беринг, нимани англаркин? Уям англамаса, "коинотий" бу мисрани ҳовлига чиқиб, олчага уқтириб кўринг - не мўъжиза рўй беради?

Яна (Аллоҳ сақласин): муаллифнинг айтишича, Оллоҳ таоло бир махлуқни яратибди, у қадам ташлабди. Шундан сўнг Оллоҳ "Зеҳ" дебди - шу "зеҳ"дан вақту замон бошланиб кетган эмиш. Ахир, ана шу "Зеҳ"гача - у махлуқ яратилган, сўнг қадам қўйган пайтлари-чи, улар вақтдан аввалмиди?

Шундан сўнг муаллиф асосий нияти - Қуръонни, жумладан, унинг қалби деб аталган "Ёсин" сурасини обрўсизлантиришга киришади. "Ҳозирда ўзларини ислом динида, китобни "Куръон" деб атовчи инсонлар билишлари зарурки, - деб ёзади у, - бу китоб ҳам қисқартирилган аралашмалар ўша замон инсонлари тушунчасига мослаштирилган" (22-бет. Жумла савиясини кўриб турибсиз). "Қуръон деб аталувчи бу китобнинг "Арши-ул курс"даги асл ҳолати шеърий йўлда битилган 1500000 қатордан иборат бўлган асардир, - деб давом этади у. - Қуръоннинг ўзаги саналмиш "ЯСИН" (Ёсин) бизга берилган китобда 83 оятдан иборатдир... Бу сурада 83 оят бўлиб, унинг асли шундай эмас, балки 15216 қаторли шеърий асар эканлиги аён бўлди ва тўлиқ тарзда менга ёздирилди" (28-бет). Эътибор қилсак, бу одам Қуръон - ҳақиқий каломуллоҳ эмас, деб ва унинг қалби саналадиган "Ёсин"ни "ҳақиқий Ёсин"нинг арзимас бир қисми, деб даъво қилмоқда.

Бу сурани тафтиш қилишдан аввал И.Фазовий унинг номини: Я + Син деган икки ҳарф маъносини талқин қилишга бел боғлайди. Биласиз, барча таржимаю тафсирларда "Ёсин" ҳам худди яна йигирма етти сура бошидаги "Алиф, Лом, Мим", ёки "То, Син, Мим" сингари маъноси номаълум ("ҳуруфи муқаттаот") бўлиб, маъноси фақат Оллоҳга аён экани ёзилган. Аммо тил ва адабиёт ўқитувчиси И.Эргашев "ЯСИН"ни худди ЗАГС сингари бир қисқартма сўз деб ўйлайди, уни ташкил этган бешта ҳарфнинг ҳар бирига биттадан эмас, нақ еттитадан "коинотий" сўз топади: "юналлана" (яна олти шунақа сўз), "алхибра"(+6), "сини сама"(+6), "иллахилан"(+6), "навихарах"(+6). Ясин (Ёсин) шу сўзлардаги бош ҳарфларнинг қўшилишидан ҳосил бўлган эмиш...

Мана, у даъво қилган "асл Ёсин"дан бир парча:

Вама алламнахуш шиъра вама ямбағилаҳ,
Тама валлам бахуш тира ҳама ҳамбағилаҳ.
Ин ҳува илла зикрив ва Қуръоним мубийн,
Таҳвира та амили ҳелмиҳа хуръоним бубийн.
Меҳларҳу адузари алламнахуш шиъра,
Ямбағилим вама аху ламбануш хиъра.
Валлам бахуш ин ҳува ва Қуръоним мубийн,
Тамаҳи илла зикрив ва уръоним хубийн.
Васахили шиъра вама хелибау илхузан,
Тислахили веминаху аллбилих михузан... (28-бет).

Мантиқан, Исмоилшоҳ Фазовий уни ё ўзи айтаётган "бисахела" тилида, ёинки арабча деб изоҳлаши лозим. Чунки бир матн бир пайтнинг ўзида икки тилда бўлиши мумкин эмас. Биз уни кўрсатиб мурожаат қилган арабшунос олимлар унинг 1- ва 3- сатри "Ёсин" сурасининг 69-70- оятидан олинган, бошқа мисралар эса араб тилига ёт, қандайдир валдирашдан иборат, деб айтишди. Тутуруқсизлик қай даражалиги аён кўриниб турибди.

Қуръонни обрўсизлантириш учун И.Фазовий ҳатто унинг график белгиларидан ҳам иллат қидиради: "Қуръон, - деб ёзади у, - қадимий араб тили асосида олинган бўлиб, уни мазмунан тўғри ифодалаш учун 689 хил товуш белгиси керак бўлади. Жумладан, 21 хил унли, 83 хил оралиқ, 395 хил ундош товуш белгиси, 116 хил ишоравий белги, 61 хил ундош имо белгиси, 94 хил ҳаракат белгиси, 110 хил тасвирий белги ва 214 хил тарифий белгилар керак бўлади. Араб ёзувидаги белгилар бу китобдаги сўзларни аниқ ифодалашга ожизлик. Шу билан бирга, бу араб тилига турли яқин тиллардан сўз - олиниб, оятлар мазмунини тўлдиришга ҳаракат қилинган" (29-бет).

Фан эса аксинча таълим беради: ҳар бир тил бошқа тиллар билан алоқага киришса, турли сўзларни ўзига қабул қила боради ва ундаги товушлар сони кейинчалик ортиши мумкин. Демак, И.Фазовий айтган "қадимий араб тили"да эса товушлар сони пайғамбаримиз давридагидан кўп бўлмаган.

Хўш, "Қуръон қадимий араб тили асосида олинган" деганининг маъноси нима? Бу - Қуръон пайғамбаримизга нозил бўлмаган, балки қадимги ривоятлардан иборат, деган гапни ўқувчига билинтирмай "ҳазм" қилдириш йўли. Унинг яна бир даъвоси - "Қуръондаги оятлар мазмуни... бошқа яқин тиллардан сўз олиниб тўлдирилган", деганда эса араб тилига яқин бўлган яҳудий тили (у ҳам семит тил оиласига киради)га ишона қилиняпти, яъни Қуръон яҳудийча манбалардан олинган, деган эски ғаламисликнинг янги нағмаси. Ажабки, "уни мазмунан тўғри ифодалаш учун 61 хил... ундош имо белгиси (?) керак" бўлар эмиш. Бу тил маълимининг гапи эмас, шу билан бирга, соғлом одамнинг ҳам.

"Аслида Қуръон ҳам абадиётдир. - деб ёзади Исмоилшоҳ Фазовий. - Бу китоб абадиётнинг панднома ва одобнома каби турига киради. Бадиийлиги ҳам бор. Насрий ва назмий оралиқдаги бу асарни абадиётдан нари деб бўлмайди" (30). Савияни қаранг!

Аёнки, И.Фазовий исломни тўғридан-тўғри камсита олмас, бундай қилса, ҳечким унинг қутқусига учмас эди. Шунинг учун ҳам китобида у ўзини художўй қилиб кўрсатади; кўпинча намоз ўқиб ўтирганида ҳузурига "фазовий ходимлар" келишини уқтиради. Лекин ажаб, гўё у билан алоқага киришган "фазовий ходимлар" нима учундир бирон-бир ибратли, оқилона маълумот беришмайди. Унга "айтиб туриб ёздирилган", рақам тўла "статистика"лар ичида башарий қийматга эга, одамнинг ҳаёт йўлида ибрат бўладиган, лоақал ёдда қоладиган бирон-бир оқилона гап йўқ. Бори - сафсата, алаҳлаш.

Бутун дунё олимларига устозлик даъвосидаги шўрликнинг "ёзиб олгани" фақат мана бундай "маълумот"лар бўпти: "Инсон танасини суғориш ёки қон айлантириш учун 4414 хил модда аралаштирилган 141000 кичик ва катта томир турлари ишлатилган. Инсон қони таркибида 437 хил моддадан олинган 918.622.418.827 толадан иборат бўлган боғловчи воситалардир. Жигарда 613427 марказдан иборат тозаловчи нуқта ва 718.513.411.613 майда марказчалар хизмат қилади. Ҳавони тозаловчи ўпкада (?) эса 483511 ҳаво тозаловчи фильтр ва 619.824.511.414 ҳаво ўтказгич бор" (5-б). Ва ҳоказо.

Бу гапларга кимдир ишонадиган бўлса, унинг наздида одам биологик мавжудот эмас, бирталай запчастлардан йиғиб тайёрланган "механизм" бўлиб туйилиши табиий. Ва ўзингиз ўйланг: соч, тирноқ, товон каби аъзолар ҳақида ёки миллион йил ракетада учсангиз ҳам етиб бўлмас "фалон рақамли" галактикада қанча юз минг "совутилаётган" ёки "портлатиб юбориш учун тайёрланаётган" олам борлиги сингари беҳуда гаплар нимага керак ва шўрлик "илоҳий ходимлар" И.Фазовийга уларни ҳижжалаб уқтириб, ўнлаб дафтарларга диктовка қилиб ёздириб, нима барака топиши мумкин? Чунончи: "Бу 23441-олам бўлиб, 2-осмоннинг 5-жаражали ҳолатдагиси экан. Бунда 692 тур мавжудот, 4783 хил махлуқотл ва 483647 хил ўсимлик тури бор экан. Яна 147 миллиард тур жисмсиз махлуқотлар тури мавжуд экан. Бундаги аҳоли 510 иссиқлик билан 670 градус совуқлик орасида яшайди" (32-бет). Шу каби сон-саноқсиз "аниқ маълумот" - алаҳлашларнинг кимга ва нега кераги бор, улар одамзотга қанақа асқотади?

Хўп, бу самовий маълумотларни биз англаб етмаган бўлиб чиқайлик. Аммо марҳумларнинг тақдири ҳақидаги мана бу "маълумот"га нима дейсиз: "Бугунги кунларгача 99 миллиард инсондан 19 миллиарди фонийлик ҳаётий алмашинувларни ўтаб бўлган. Улардан синовдан муваффақиятли ўтган 11,5 миллиарди 2-оламга олинган, синовлардан ўтолмаган 5 миллиарди ҳайвонот оламига ўтказилган, ҳайвонийликдаги синовлардан ҳам ўтолмаган 2,5 миллиарди эса куйдириб йўқ қилиб юборилган. Энди, 2-оламга олинган 11,5 миллиард инсондан охирги оламгача қанчаси синовлардан ўтиб етиб бора олади, даргумон". (И.Эргашев. "Ҳаёт сирлари", (161-б.).

Булар исломга тамоман зид. И.Фазовийнинг гапларига ишонган, яъни охират куни келишига, қиёматга, у чоғда барча одамлар тирилишига, ҳисоб-китоб ўтказилиб, ҳар ким ўз амалига кўра ажр олишини шубҳа остига қўйиб, "ҳозиргача ўлган 19 миллиард одам "элакдан ўтказилгани"ни маъқул топган одам диндан чиққан бўлади...

Исмоилшоҳ Фазовийнинг савия-даражасини, мақсад-муддаосини бир қадар англата олдик, деб ўйлаймиз. Аммо у ўз ёзганлари ҳақида бутунлай бошқача фикрда бўлган: "Агар Нуҳнинг кемаси инсонларни тўфон балосидан сақлаб қолган бўлса, "Китоб - ул китоб" инсонларни жаҳолат балоси ва у туфайли маҳв бўлиш ҳалокатидан сақлаб қолади...", - деб ёзади у (8).

Тамом-вассалом! Дод десангиз ҳам шу, вой десангиз ҳам...

Дариғки, Фазовийнинг бу "башорат"ларига гўё ишонадиган, уларни қай бир мақсадлар йўлида тарғиб этиб, одамлар орасида муқаддас динимизнинг аркон-ақидаларига путур етказишга уринаётган "янги валийлар" ҳам чиққан...

Айрим одамлар пенсияга чиққач, дафъатан ўзида "шоирлик қобилияти" борлигини фаҳмлаб қолади. Ёзиш касалига чалиниб, таҳририятларни "ашъор" билан тўлдириб ташлайди. Буни кўп кўрганмиз. Қирқ йил маълимлик қилиб келган Исмоил Эргашев каби баъзи одамлар пенсияга чиққач, пайғамбарлик даъво қила бошлаши ҳам мумкин. Аммо... шошма, нима гап ўзи, дея тагини суриштирмай, дарров унга эргашадиганларнинг ҳам топила қолишида қандай ҳикмат бор экан - билолмадик.

Яқинда "Ҳуррият"нинг ўтган сонида таҳлил этилган Исмоилшоҳ Фазовий асарлари руҳидаги "Руҳ сирлари" деган улкан бир китоб чоп этилди. Унинг муаллифи - пенсиядаги иқтисодчи Абдулҳай Абдураҳмонов. Фалсафа фанлари доктори, профессор Анвар Абдусамедов унга сўзбоши ёзиб, жумладан шундай дебди: "Мазкур китобнинг иккинчи қисми - "Само хабарлари" ва учинчи қисми "Ҳаёт сирлари" 2001 йилда вафот этиб кетган, юксак тафаккур ва жуда бой билимлар соҳиби бўлган (курсив бизники - З.И.) асакалик Исмоилшоҳ Фазовий (Исмоил Эргашев) қаламига мансуб бўлиб, улар асосан Коинотнинг онгли мавжудотлари хабарларига таяниб ёзилган" (5-бет).

А.Абдураҳмоновнинг бундан аввалги "Саодатга элтувчи билим" асари 2001 йилда нашр этилган эди. Унда, аслида бирон-бир янгилик йўқ, ўзини муаллиф деб тақдим этган А.Абдураҳмонов тўпловчилик қилиб, дунёдаги ҳар хил динлар, улуҳий тушунчалар борасида китоб, газета-журналлардаги маълумотларни (то мучал йили ҳисобигача) жамлаб китобхонга тақдим этганди. Кўпгина илмий ва техникавий чалкашишлар борлигини демасангиз, умуман олганда, китобхонга бир маълумотнома сифатида асқотади. Эҳтимол шу сабаб, кейин яна тўрт бор нашр этилибди ҳам. Албатта, диний мавзуда бўлгани боис, бу китоб одамлар орасида тарқалди, ҳар ким ўз тушунчасига яраша унга баҳо берди ҳам.

Абдулҳай Абдураҳмонов ўша асари ҳақида ўзига келган хатлар орасидан йигирматача мақтовли мактубни кейинги чиққан "Руҳ сирлари" китоби охирига қўшибди. Хат муаллифларидан бири, азбаройи жўшиб кетганидан, "Саодатга элтувчи билим"ни... Қуръон ва Ҳадислардан кейинги улуғ китоб деб ҳам баҳолаган экан... А.Абдураҳмонов эса, киройи "камтарлиги" туфайли бунга эътироз ҳам қилмайди. Нимаям дердик, ҳаяллаб ўтирмай, унинг асарларини муқаддас деб эълон қилиш қопти, холос.

"Руҳ сирлари"нинг "Саодатга элтувчи билим" китобидан асосий фарқи - у аввалгидай ҳар хил манбалардан олиниб эмас, асосан И.Фазовийнинг "башорат"ларига таяниб битилган. Буни сўзбоши муаллифи А.Абдусамедов ҳам алоҳида қайд этиб: "Исмоилшоҳнинг мухлиси ва дўсти Абдулҳай Абдураҳмонов унинг қўлёзмаларининг каму-кўстини тузатиб, таҳрир қилиб, нашрга тайёрлаган ва уларни ўзининг мазкур "Руҳ сирлари" китобига киритиб, халқимизга жуда ҳам фойдали ва савобли ишни бажарган..." деб ёзади (уни қаранг, биров ёзган тайёрига муаллиф бўлиб олган киши "жуда ҳам фойдали ва савобли" иш қилган бўлар эмиш).

"Руҳ сирлари" - ҳажман улкан асар, энциклопедия форматида 500 бетдан ошади. Тўрт қисмдан иборат, сарлавҳасининг ўзи бир юз ўттиз олтита.

Шунча материални таҳлил этиб, сарагию пучагини аниқлаш, айниқса унинг бош мавзуи бўлмиш эзотерика - ҳамма учун сирли бўлган мистик қарашларга танқидий муносабат билдириш жўн иш эмас. Буни ўқувчилар тўғри тушунади, деб умид қиламиз. Боз, Анвар Абдусамедов ёзган сўзбоши билан чекланмай, муқаддима ҳам битган муаллиф китобига турли муносабатлардан хавотирга тушиб, асарини танқид қилиши мумкин бўлган кишиларни элбурутдан нодонга чиқариб қўйганини айтмайсизми - "Кўпинча баъзи нарсаларни билимларимиз етарли эмаслигидан тушунмаслигимизни тан олгимиз келмайди. - деб ёзғиради у. - Ҳар эҳтимолга қарши дарров унга салбий баҳо бериб, бу борада билимимизнинг камлигини беркитишга ҳаракат қиламиз ёки умуман билимсизлигимизнинг ошкор бўлиб қолишидан ҳадиксираб, бир йўла уни инкор қилиб, ундан қутулиб қўяқолгимиз келади... Ана шундай тафаккури музлаб, қотиб қолган айрим "билимдон"лар... ва ҳоказо (13-бет). Муаллиф ҳатто Шарқ ижтимоий тараққиёти Ғарбдагидан сустроқлигига сабаб ҳам айнан "ҳурфикрлилик"ка йўл берилмаганидан, деб эълон қилади. Яъни, тараққиёт тарафида бўлсанг, қўйиб бер, мен истаганимни ёза бераман, аммо сен чурқ эта кўрма!..

Ана шундақанги иддаолардан сўнг танқидга киришиб кўринг-чи!

Мен "Руҳ сирлари" китобини ўқиб чиқдим. Ишонч билан айтаманки, у хато ва зарарли ғоялар билан тўлиқ - одамлар "Руҳ сирлари"ни мутолаа қилгач, ундаги гапларга ишонса, қабул қилса, имонидан айрилади, дунёқараши пароканда бўлади. Энди ана шу фикрни исботлашга уринамиз.

"Руҳ сирлари" китобининг илк фасли қомусий виқор билан "Руҳ сирларини билишга киришишдан олдин нималарни билиш керак" деб номланган. Унда муаллиф бу ва у дунёнинг яратилиши ҳақида илмий фаразлар, вақт ва мавҳум вақт тушунчаси, Эрнст Мулдашев деган кўз духтурининг ирқлар келиб чиқиши ҳақидаги "кашфиёт"и, инсониятнинг илк бешиги - Тибет деб билувчилар, Одаматодан олдин ҳам Ер юзида одамлар яшаган эди, уларга охират келгач, баъзи вакиллари чап бериб, яшаб қолган бўлишлари мумкин, деган фикр уқтирилиб, Шамбала деган хаёлий маскан ҳақида узуқ-юлуқ "факт"лар келтиради. Булар бизни эндиги гапларга "тайёрлаш" учун, албатта.

Ана шундан сўнг нисбатан мураккаб бўлган "Руҳ ва жон ҳақида илмий ва диний қарашлар" деган иккинчи фасл келади. У ниҳоятда қисқа - ўн бет. Аммо унда баён этилган фикрлар китобнинг ўзак нукталаридан бўлгани учун (асар "Руҳ сирлари" деб аталади, ахир), алоҳида эътибор талаб қилади.

Аввало шуки, Қуръонда, ким бўлишидан қатъи назар, руҳ ҳақида сўзлашдан тийилиш буюрилган: "85. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир". Сизларга жуда оз илм берилгандир" ("Ал-Исро"). Жами арабий, форсий ва туркий луғатларда (шунингдек, Қуръондан ҳозиргина зикр этилган оятда ҳам) "руҳ" ва "жон" сўзлари синоним эканини кўрамиз, аммо А.Абдураҳмонов уларни бошқа-бошқа нарсалар, деб талқин этади; юқорида келтирилган фаслнинг номи ҳам, ичидаги мана бундай "кашфиёт"лар ҳам шуни тасдиқлайди: "Одам - тана, жон ва руҳнинг қўшилмасидан таркиб топган... мавжудот" (42-бет). Хўп, деб туринг. Аммо сал ўтмай, улар айнанлаштирилади - "Ўлим келгач, руҳ (жон) танадан ажралади" (42). Кейинроқ уқтирилишича, жон... энди руҳ эмас, балки қон эмиш: "Одам Ер маҳсулотларидан иборат бўлган озуқаларни истеъмол қилганда, улар танага сингиб, қонга, яъни жонга айланади" (43). Умуман, бу борада муаллиф бисёр чалкашликларга йўл қўяди. Бир жойда руҳ номоддий (42) дейилса, бир саҳифа ўтмаёқ, руҳлар... "ўзларининг аниқ ўлчамларига эга" (43) деб, моддийлаштирилади ҳам.

Бундай мубҳамлик ва палапартишлик муаллифга устози И.Фазовийдан ўтган - унинг "Фазовий Фан ёки Самовий Китоб"ида ҳам бир ўринда "илоҳий ходимларнинг бошлиғи руҳ деб аталади" (4), деб талқин қилинса, кейинги бетда бу сўз бошқа маъно касб этади: "Инсоннинг... руҳи эса маслаҳатчисидир" (5).

И.Фазовий билан А.Абдураҳмоновнинг қарашларида бир хиллик кўп. Бу умумийлик уларнинг руҳий яқинлигидан келиб чиқса ажаб эмас: Исмоил Эргашев ўз асарини инсоният учун Нуҳ кемаси каби нажот воситаси деб айтса, А.Абдураҳмонов ҳам ундан қолишмайди - китобхонга қараб, "Муҳтарам ўқувчим, ҳамонки бу китобни ўқишни Аллоҳ таоло Сизга насиб этган экан, демак бу Аллоҳ таолонинг иродаси ва ўзингизга кўрсатган марҳамати деб билаверинг. Унинг бу марҳамати - инъомини рад этманг, қабул қилинг" (459-б.) дея "илтифот" кўрсатади.

Буям ҳолва экан. "Руҳ сирлари"ининг охирида мавзуга алоқаси бўлмаса ҳам "Аёллар - жаҳон мутафаккирлари нигоҳида" сарлавҳаси остида ҳикматли гаплар берилибди. Унда... Вилям Шекспир билан Лев Толстой ўртасида - жаҳон мутафаккирлари қаторида... "янги чиққан даҳо" А.Абдураҳмоновнинг ҳикматдан бир тош йироқ, энг жўн гаплари ҳам тақдим этилган. Охирида-чи? "Руҳ сирлари"га бағишланган, илоҳиётдай улуғ мавзуда сўз юритилган ёстиқдай бу китоб... қирқта суюқдан-суюқ, уят анекдот билан хотима топган.

Руҳ деганда аввало инсон психикаси тушунилар эди. Руҳшунослик - психология демак. Бинобарин, мен "Руҳ сирлари" китобини илк бор кўрганда, хайрият, мана ўзимиздан ҳам Фрейд сингари психологлар чиқипти, руҳият борасида китоб ёза бошлашипти, деб қувонган эдим. Афсус, номига номуносиб бу китобда инсоннинг руҳи, руҳияти тўғрисида бир оғиз ҳам гап йўқ. Бори - нариги дунё ҳақида ваҳимали башоратлардан бошқа нарса эмас.

Қизиқки, бу китобда Қуръонга зид нимаики гап айтилса, асл ниятни "пардалаш" учун ғалати бир далил келтирилади. Эмишки, Қуръон ва бошқа китоблар ўша давр кишилари онгига мос эди, эндиликда одамларнинг онги ва билими юксалди, улар ҳозир кўп нарсани билади, бинобарин... "инсоннинг ўзи ҳақида ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган ва келтира олмайдиган тушунчалар ва яна бошқа кўп маълумотларни инсонларга етказишга Тангри таоло томонидан рухсат бўлди" каби (179-б. Кўп яхши, аммо буни Сизга ким айтди, азизим?). Уларни етказадиган хабаркаш қилиб эса... "Самовот ходимлари томонидан танланган, азизланган инсонлар" тайинлангану. Исмоил Эргашев ана шуларнинг бири эмиш. А.Абдураҳмонов ўзини ҳам нариги дунё сирларидан тўлиқ хабардор қилиб кўрсатиб, "шундай хабарлар борки, уларни ҳозир ҳам инсонларга билдириб бўлмайди... Руҳ ҳамда бошқа сир-синоатларнинг ҳозирча айтиш мумкин бўлганларини айтдик, мумкин бўлмаганларини эса айтмадик" деб қистириб қўяди. Яъни, мунчалик хуфя гапларни биладиган муаллифнинг ўзи ҳам "танланган, азизланган" одамлардан бири бўлиб чиқади... Бу гапларни ўқиб, ҳой тақсирлар, Сиздаги илм-билим ҳаминқадар бўлса, елкангизга пайғамбарлик муҳри босилмагани ҳам аниқ, тарғиб қилаётган гапларингиз маъни ва ҳикматга ёт, валийликка даъво қилишга сизга йўл бўлсин, мандатингиз борми ўзи?!" деб юборгинг келади.

"Руҳ сирлари"нинг 57 бетлик "Реинкарнация" (таносух) фасли ундаги ўн тўққизта фаслнинг ҳажман энг каттаси. Мазмунан, китобнинг "қаймоғи" шу ерда. Унда мистикадаги энг жумбоқ масала - одам ўлгач, жасади чирийди, аммо жони нима қилади, деган масалада сўз юритилади. Муаллиф, одам ўлгач, унинг жони бошқа бир янги туғилган одам танасига, ундан кейин яна бошқасига кўчади, деб уқтиради. "Тана, жасад ўлиб, жон узилгандан кейин руҳ ўз фаолиятини тана ва жонсиз давом эттиради, - деб ёзади у, - яъни вақти-соати билан яна бошқа танага ўтиб, то белгиланган мукаммалликка эришгунча қайта-қайта бу дунёга келаверади" (48). Кўрсангиз, кофирларнинг эски ашуласи - таносух тарғиботи.

Китобда таносухдан илоҳий мақсад - инсонни мукаммал хилқатга айлантириш, деб уқтирилади. Гўё, одамзотнинг руҳи аввалги яшаш чоғларида тубан бўлса, комилликка эришиш учун бу дунёга 99 мартагача келар эмиш. Оллоҳ таоло эса Одаматодан то даври қиёматгача 99 миллиард одам яшаб ўтишини тақдир этганмиш ва улардан фақат 1 миллиарди етти босқичдан ўтиб, даргоҳи илоҳийга ноил бўлар эмиш.

Ҳолбуки, барча улуғ динларда, хусусан исломда таносух рад қилинади ва қаттиқ қораланади. А.Абдураҳмонов бу борада холис тургандай бўлиб, Имом Ғаззолийнинг "Таҳофитул фалосифа" асаридан иқтибос келтиради. Ғаззолий, "биз бу дунёда таносух ҳодисаси бўлишини инкор этамиз. Аммо охиратда руҳларнинг ўз жасадларига қайтиб киришини тасдиқ этамиз. Аллоҳ таоло бир неча тана учун битта руҳ яратмайди. У ҳар бир тана учун битта руҳ яратишга қодирдир. Агар таносухни мумкин деб тан оладиган бўлсак, бир қанча таналарда яшаб келган ўша руҳ қиёмат куни қайси танага тегишли бўлади?!" деб айтган экан (58). А.Абдураҳмонов дарҳол Ғаззолийга "отпор" беради: "Ҳозир бу саволга жавоб бор, - деб ёзади у, - яъни руҳ ўзи яшаган таналаридан бирини танлаб олади" (Ажаб, буни Сиз қаёқдан била қолдингиз?) Аммо Ғаззолий номидан яна сўрашга тўғри келади - хўш, Сиз айтганча, руҳ ўзи яшаган 99 та тананинг биттасини қиёматда танлаб оладиган бўлса, дейлик, руҳи томонидан танланмаган таналар - дунёда яшаб ўтган ҳар 99 кишининг 98 таси қиёмат бўлганида тирилмайдими? Ҳа, тирилмай ётаверади, десангиз, исломдан чиққанликни эътироф этишга тўғри келади. Йўқ, истиғфор қилдим, тирилади, десангиз, яна мантиқ керак: Сиз айтган бир дона руҳ 99 та жасаднинг қай бирига етишади?

Муаллиф бу мантиқий саволларга жавоб бериш у ёқда турсин, бунақа саволларни беришнинг ўзи ҳам тўғри эмас деб уқтиради ва далил ўрнида Сёрен Керкегор деган даниялик илоҳиётчининг "Дин фандан илоҳий масалаларда мантиқий тафаккурдан воз кечишни талаб қилиши тўғри, ўринли, чунки фанда бунинг учун тегишли, зарур бўлган билим йўқ" (49), деган гапини келтиради.

Ажаб, нега энди мантиқий фикрлаш ноўрин бўлар экан? С.Керкогер, эҳтимол, кўп улуғ илоҳиётчи файласуфдир, аммо биз Оллоҳ таоло яратган барча нарсада энг аввало мантиқий изчилликни кўрамиз-ку? Қуръон ва Ҳадисларда мантиққа бегона бирон-бир нукта йўқ-ку? С.Керкегорга замондош, аммо фикр-қарашлари уникидан мўътабарроқ бўлган Лев Толстой исломда барча нарса мантиқий эканини таъкидлаган эди-ку? Алихонтўра Соғуний ҳам "динимизнинг асли ақлдир, қуроли эса илмдир", деганда динни англаш учун аввало ақлга (мантиққа) суяниш лозимлигига ишора қиляпти-ку! Инсон худони ақл билан танийди, деган халқ мақолининг маъноси ҳам ҳам мантиқий мушоҳадага даъват эмасми?..

Тўғри, ҳар ким ўзи учун бирон-бир ғояни тўғри деб билишга ҳақли. Аммо уни тарғиб этадиган бўлса, у миллат манфаатига мос келадими, дунёқараш ва меналитетни бузмайдими, буни ўйлаб кўриш керак. Шу маънода, мен шахс манфаати давлат манфаатидан устун, деган эътирофга қўшилишдан олдин, бу ўринда давлат - жамият маъносида эмас, деб писанда қилгим келади. Чунки шахс манфаати жамият (миллат) манфаатидан устун қўйиладиган бўлса, жамият келажаги пароканда бўлади.

Таносух ва унинг тарғиби ислом динига зид, халқимиз дунёқарашига ёт нарса. Миллий мафкурамизнинг ўтмишдаги асосчиси Амир Темур ҳам уни дину давлатга зид деб билган, таносухчи Ҳаким Низорий деган кимса ва издошлари макон тутган Кўҳистонга етиб бориб, Ҳаким Низорийни ҳам, тарафдорларини илмий-назарий жиҳатдан мот қилган, шунда ҳам бузуқ ғояларидан қайтишмагач, маҳв этганди (қаранг: "Темурнома", Т., "Чўлпон" нашриёти, 1990, 259-266 бетлар).

Афсуски, бу китобда менталитетимизга, муқаддас динимизга ёт жиҳатлар шу билан тугамайди. Таносухни тарғиб этаркан, А.Абдураҳмонов Халил Жаброн деган христиан олимнинг "Пайғамбар" асаридан ушбу парчани "ўгит" деб тақдим этади:
"... ва унга қўлида боласини кўтариб турган аёл деди:
- "Биз билан болалар ҳақида сўзлаш".
- ... ва у жавоб бериб деди:

- "Сенинг болаларинг - аслида сенинг болаларинг эмас. Улар - ўзини-ўзи синаб кўраётган, "ҳаёт" деб аталмиш Аллоҳнинг буюк неъматига интилувчи ҳаракатнинг ўғил-қизларидир. Улар сенинг тананг орқали ўтиб келадилар, лекин улар сендан эмас, улар доимо сен билан бирга, аммо улар сенга тегишли эмас ..." (85).

Аввало, бу гапни қайси пайғамбар айтибди? Сониян, пайғамбарларнинг барчаси ўз умматларига исломни тарғиб этган, дейилади, шундай экан, Халил Жаброннинг бу гаплари ғирт уйдирма эмасми ва учинчидан, бу гаплар Сизга жангари ваҳҳобийларни - мўъмин-мусулмон отасини кофир, деб эълон қиладиган, унинг юзига тик қараб, "Сиз аслида менга ҳеч ким эмассиз" дейишгача борадиган ғайриинсонларни эслатмаяптими? Муаллиф тақдим этаётган бу "ўгит"лар бизга панд эмас. Чунки аҳли муслим, жумладан, биз ўзбеклар ҳам "Ота рози - худо рози", "Жаннат оналарнинг оёғи остида" каби эзгу ўгитлар руҳида тарбия топганмиз.

"Руҳ сирлари" китобида башариятнинг энг улуғ ва охирги дини - исломга охирги ўрин-эътибор насиб қилган. Таврот, Инжил, ҳинд ведалари каби мансух китобларнинг қадри эса анча юксакда, уларда баён қилинган гаплар аксиома тариқасида тақдим этилган. Ва албатта, Исмоилшоҳ Фазовий ва унинг "таълимоти" бу каҳкашоннинг қоқ марказида туради.

Яна айтамиз, ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Исломга эътиқодлими-йўқми, бу муаллифнинг шахсий иши. Шунинг учун ҳам, борингки, ўз "замонавий" диний дунёқарашини тарғиб этиш учун исломдан четланишига ҳам чидаш мумкиндир, аммо қанақа динни тарғиб этмасин, лоақал яратган зот - бирубор Оллоҳни унинг жалолиятига яраша улуғлашимиз, Тангри таолони ўзимизнинг тор тасаввуримиз рамкасига солиб тақдим этмаслигимиз шарт. Муаллиф, лоақал, шу гапга қўшилар?

Унда, оламнинг илк бор яратилиши ҳақида А.Абдураҳмонов тақдим қилган мана бу "лойиҳа" билан танишиб кўрайлик: "Дастлаб У Ўзи учун биргина оламни яратди. Сўнгра бу оламини янада кенгайтириб, бепоён бўшлиққа ёйишни ихтиёр этди ва шу мақсадда ундан бир парчани узиб олиб, чексиз бўшлиқ сари ота бошлади... Бўшлиқда ўзини тўхтата олмай ҳаракатланаётган бу парчалар Аллоҳ таолонинг завқини келтирди. Бу олам парчаларининг Самодаги сайрини янада мукаммал ва гўзал қилишни ўйлади ва уларнинг ҳаракатини бошқаришни режалаштирди. Аллоҳ Ўз хаёлидан Ўзи завқланиб, Ўзи яратаётган оламларни айлантиришни ўйлади ва шундай қилди ҳам. Аллоҳ таоло бу иш билан кўп шуғулланди ва бутун оламнинг ярмидан кўпроғини чексиз бўшлиқ сари отиб, ундан яна кўп оламлар пайдо қилди. Оламларнинг ҳаракатини бошқариш ҳам уни завқлантирди... бу оламларнинг сукунатда ёлғиз бўлиши Аллоҳга ёқмади. У энди бирор жонли мавжудот яратишни хаёл қилди. Бир неча шаклда турли нарсалар яратди. Ўзига ёқмади, уларни бузиб отди..." (183-184). Азизлар, бу тасвир Сизга Парвардигорнинг эмас, кечаси лой хандакка тушиб кетиб, аламидан ундаги лойни ҳар ёққа отаётган бирон бадмастнинг қилиғини эслатмаяптими? Ёки мана бу "башорат"ни кўринг: "Шундан сўнг Тангри субҳонаҳу ва таоло узоқ ўйга толди, зерикди. У яна нималарнидир қилишни ўйлади"... (213) Ё тавба!

Шундай ўринларни ўқиганда, китобни нашрга тавсия этган тўрт муҳтарам профессор: сўзбоши муаллифи - материализм ва атеизм бўйича фан доктори Анвар Абдусамедов, масъул муҳаррир: адабиётшунос Ҳамиджон Ҳомидий, тақризчилар - тарихчи Файзулла Ишоқов билан доригар Қаҳҳор Ҳожиматовлар асар қўлёзмасини чиндан ҳам ўқиб чиқишганми-йўқми - сўрагинг, ўзи бу олимларнинг исломият ва теология борасида тажрибалари, ваколатлари қанчалик экан - билгинг келади...

"Руҳ сирлари"нинг исломий нуқтаи назардан бусбутун хато ва зарарли эканини батафсил исботлаш учун юзларча саҳифали "тақриз" ёзиш лозим. Чунки унинг ҳар бир боби, ҳар бир саҳифаси ана шу руҳда, ана шу мазмунда. Аммо биз ҳозирча шу қайдлар билан чекланамиз. Зикр этилганларининг ўзи бу китоб, унинг мақсад-муддаоси, йўналиши ва савияси ҳақида бир қадар тушунча берган бўлса керак, деб умид қиламиз.

Эҳтимол, кимдир диний бағрикенглик тамойилини эслатиб, бизга таъна қилар. Ори рост, у яхши нарса (аслида, ислом энг бағрикенг дин, у бошқа барча динлардан фарқли ўлароқ, Оллоҳнинг барча пайғамбарларини тан олишга буюради, уларни эътироф этмаган кимса имонидан айрилади). Аммо бу Оллоҳнинг зоти ва сифати тўғрисида, динимиз ва инсоннинг руҳи ҳақида ҳар ким истаган сафсатасини тиқиштиришига йўл катта очиқ, дегани эмас-да.

Ҳар бир китоб, ўз йўлида - инсониятнинг қоронғи йўлларини ёритувчи бир машъала. У бани башарга бу фоний дунёнинг сир-синоатларини, ўзининг кимлигини, яшашдан мақсад-муддаосини англашга, пировард-натижада Яратган зотни танишга ёрдам беради. Аммо бу гап "Руҳ сирлари" сингари китобларга тааллуқли эмас. Бу китоблар - баайни зулмат сочувчи машъала, улар хурофоту жаҳолат таратиб, одамни залолатга, имонни заволга етаклайди.

Ҳозир энг самарали ҳужум - мафкура сингдириш бўлиб қолди. Бировлар бизни ўзидан кўра нодонроқ санаб, китобларини ўқитади, воизу муаллимларини, даъватчию миссионерларини юборади. Таълим бермоқ бўлиб, таълимотини тиқиштиради. Оқибат, вақтида олдини олмасангиз, улар чалган ноғорага ўйнашдан бошқа чора қолмайди. Афсуски, баъзи кимсалар "ноанъанавий билимлар" бўйича ўзини алоҳида қобилиятли, билармон санаб, мистикага оид ҳар турли асарларни ўқиб, ўзи ҳам шу каби уйдирмаларни тўқийдиган, бошқаларни унга ишонтиришга уринадиган бўлиб қоляпти.

Матбуотдан ўқидик, бир ўзбек йигит бор эмиш, бу соҳибкаромат, назаркарда инсон бир неча йил аввал коинот қаъридан Ер томон келаётган улкан астероидни дуо ўқиб қайтариб юборган эмиш. Хуллас, шу йигитнинг турган-битгани - инсоният бахти эмиш. Негаки, у бўлмаса, аллақачон ер юзида охират рўй берган бўлакан. Қаранг-а, қиёмат кунини орқага сурипти!

Яна бир газета Эрнест Мулдашев деган офталмолог профессорнинг "кашфиётлари"ни ёритишга ишқивоз. Бу одам касалларни даволаш ўрнига "сирли ҳодиса"ларни ўзича талқин қилиш билан овора. Унинг айтишича, Пасха оролидаги тош ҳайкаллар... "ўзига хос ўлим фаришталари" бўлган эмиш, ўлим улар орқали ер юзига ёйилганмиш. "Ерда ўн метрли улкан одамлар яшаган Лимурия даврида шундай бўлган, - деганмиш Э.Мулдашев. - Бироқ бу одамлар ҳам ўзларига берилган ғоят катта имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланишдан тийилишмаган. Оқибатда, офат рўй бериб, Лемуриянинг бир қисми сувга ғарқ бўлган... Шундан сўнг, 4 000 000 йил бурун, тангрилар ердаги ҳаётга ўлимни йўллашиб, одамлар ўз тана аъзоларини янгилаб, умрларини узайтириш имконидан маҳрум этилган ҳамда яратганнинг сўровидан ўтиб тозаргач, янги танада қайта туғилишган...".

Тавба, - дейсан, - бу билимдонларнинг тани-жони соғмикин ўзи? 4 миллион йил аввал Ерда ўлим бўлмаган, дегани нимаси? Ахир, яқиндагина Чад мамлакатида бундан 6 миллион йил аввал ўлган одамнинг бош чаноғи топилди-ку? Бу биринчидан. Иккинчидан, биламизки, инсоннинг яшаши ҳам, ўлими ҳам (биологик нуқтаи назардан) бошқа жониворларники билан бир хил. Шундай экан, бояги чўпчакка ишонсак, бошқа махлуқотлар ҳам мангу яшаган бўлиши лозим бўлади... Кўряпсизми, қанчалар мантиқсизлик! Гўё, яқин-яқинларгача - 4 миллион йил наригача ҳеч бир одам, ҳайвон ё капалак сира ўлмай, миллион-миллион йил яшайверган эмиш. Унда, туғилиш қаёқдан бўлган? Туғилиш билан ўлим - эгизак ҳодиса-ку? "Яратганнинг сўровидан ўтиб тозаргач, янги танада қайта туғилиш" дегани таносух, "Тангрилар" калимаси эса ширкнинг ўзгинаси бўлади!

Бу гап кимгадир ваҳима кўтариш бўлиб туйилиши мумкин. Аммо худди шунақа бепарво, "кенгбағир" шахслар туфайли бир кун келиб ўзлигимизни - миллий аслиятимиз ва диний эътиқодимизни бой бериб қўйишимиз турган гап. Уёғини сўрасангиз, ҳозир Ўзбекистонда, Тошкентнинг ўзида турли "секта"ларга мансуб ўзбеклар пайдо бўлди, улар бирубор тангрию ислом динию бир четга қўйиб, янги маъбудлар қидириш билан овора, ўзини ҳақ деб билади, "Руҳ сирлари"да роса реклама қилинган ҳиндистонлик Саи Бобо каби "кароматпеша"лардан мадад тилаш билан умр ўтказишади...

Муаллиф А.Абдураҳмонов эса устози Исмоилшоҳ Фазовийга ўхшаб ўз китобини мақташ билан овора. Ҳатто кўчирмачилик қилиб бўлса ҳам, "асар" охирида шеър келтирибди:

"Ким нени изласа ундан, топгусидир бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир бу китоб."

Биз ҳам, муаллиф орзу қилганидек, ҳикмат излаб мутолаа қилган эдик. Таассуфки, "Руҳ сирлари" ҳикмат эмас, иллатдан иборат бўлиб чиқди.

...Пировардида бир ривоят. Мусо алайҳиссалом Оллоҳ-таоло билан сўзлашув чоғида "Ё Раббим, сен ҳам бирон-бир пайт ухлаб, дам оласанми?" деб сўрабди. Шунда Оллоҳ: "Эй Мусо, сен фалон жойга боргин-да, қўлингга сув тўла кўзани олиб, куну тун ухламай ўтир, шунда саволингга жавоб топасан", дебди. Мусо сув тўла кўзани қўлида тутганича икки кеча-кундуз ухламай ўтирибди. Аммо учинчи тун ғафлат босиб кўзи илинибди, кўза ерга тушиб синибди, сув ерга тўкилибди. "Кўргил, бир одам ухлаб қолган эди, кўза қўлидан ерга тушиб синди, сув ерга тўкилди. Энди кўзани бутлаб, сувни қайтаришнинг иложи борми? Йўқ, албатта. Ана энди ўзинг айт, мен ухласам, илгимдаги бу еру осмонлар вайрон бўлиб кетмайдими?" дебди Оллоҳ.

Бу ривоятда Тангрининг ҳайю яқзонлик (тирик ва уйғоқ) сифатларини далилланади. Аммо биламизки, аксар улуҳий ривоятларнинг маърифий маъноси ҳам бўлади. Чунончи, мазкур нақл ҳар бир одамни бедору ҳушёр бўлишга, жумладан, мафкура соҳасида бошлаган эзгу ишларни ташлаб қўйиб, мудрамасликка чорлайди, акс ҳолда қай бир ғафлат онида жами саъй-ҳаракат, жидду жаҳд елга кетиши мумкин...

Зуҳриддин Исомиддинов

ziyouz.com сайтидан олинган.

Манба: Ислом.Уз

Комментариев нет:

Отправить комментарий