пятница, 19 декабря 2008 г.

Покистонга саёҳат ёки чегара минтақалари билан яқиндан танишув

Покистонга саёҳат ёки чегара минтақалари билан яқиндан танишув











"Покистон тез-тез Америка бошчилигидаги террорга қарши урушга чин дилдан бош кўшмаётганликда айблаб келинади. Яқинда юз берган Мумбай ҳужумлари ортидан Ҳиндистон томонидан ҳам Покистонга қарши кескин сўзлар янгради. Покистон Мумбай ҳужумларига алоқадорлик гумони билан ҳибсга олинганларни ҳалича топширгани йўқ. Бундан ташқари Покистон Жосуслик хизмати собиқ зобитларининг Толибонга хайрихоҳ эканликлари ҳам айтилади. Айримларга кўра, Покистон Хавфсизлик хизматларидаги баъзи бир унсурларнинг ҳам Мумбай ҳужумларида иштироклари бор. Жангариларнинг кўлидан ўлим топган Беназир Бҳуттонинг турмуш ўртоғи ва Покистоннинг яқинда сайланган президенти Осиф Али Зардорий экстремизмга қарши курашни кучайтиришга уринмоқда. Жаноб Зардорий Покистонни ҳар қандай жангарилик элементидан тозалашга ваъда берган. Ва Покистонга берилажак ёрдам ҳам унинг террорга қарши урушда қанчалик ҳамкорлик қилишига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Покистон ўзини бу борада кўпроқ иш қилаётгандек кўрсатиши лозим. Биз Покистон ва Афғонистон орасидаги чегара минтақасига сафар қилганимизда у ерда тадбиқ этилаётган янги стратегияга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик. Бир томондан Покистон армияси бу гал жангариларнинг қиш мавсумида қавмлар яшовчи минтақаларга қайтиб, қайта бирикишларига йўл қўймасликка қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Афғонистон томондан эса, Америка армияси қатъий мавқеда турибди. Америка томонининг ишонишича, Покистон ўз аҳдида қатъий турса, улар исёнкорликнинг қудратига жиддий зарба беришлари мумкин. Покистон ичкарисидаги сиёсат юритиш қийин бўлган жуғрофий ҳудуд ғам айнан Афғонистон билан чегарадош қавмлар яшовчи минтақалардир," Би-би-си "Панорама" теледастури учун Покистон армияси билан мазкур ҳудудга сафар қилган Жейн Корбин ҳарбийларнинг ҳамкорликка бунчалик мойил эканликлари сабабини ана шундай изоҳлайди.

Жейн Корбин: Биз Толибон раҳбарлари билан улар билан жуда яқин алоқада бўлган маҳаллий фуқаролар воситачилигида суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Яъни улар бизнинг номимиздан Толибон раҳбарлари билан гаплашишди. Чунки маҳаллий бўладими ёки хорижий, ҳар қандай журналист учун бу ишга уриниб кўриш жуда ҳам хатарлидир. Чунки мазкур минтақада кўплаб журналистлар олиб қочилган ва ўлдирилганлар. Бироқ биз Толибон Бошқарув кенгашининг раҳбари билан мулоқотга чиқишга муваффақ бўлдик. У ўзининг жангариларни тайёргарликдан ўтказиш жамлоғига эга ва у ерда худкуш ҳужумчиларнинг тайёрланиши ишонилади. Бу инсон Толибоннинг бошқарув тизимига анча яқин ва у бизга берган ишора ҳам ниҳоятда ошкора эди. “ Бу урушда покистонлик аскарлар ҳам, афғонистонлик аскарлар ҳам ҳалок бўлишади. Ғарбга бизнинг бўйин эгмаслигимиз яхши аён. Биз мусулмонлар таслим бўлмаймиз. Бу уруш муваффақият қозонмайди,” - деб айтади у.

Би-би-си: Ўзингиз ҳам айтиб ўтганингиздек, ўта қайсарона мазмундаги муносабат, шундай эмасми? Сиз бундан ташқари афғон қамоқхонасида ҳам бўлиб, у ерда сақланаётган покистонлик худкуш ҳужумчилар билан суҳбатлашишга ҳам муваффақ бўлдингиз. Улар уз мақсадлари сабабларини нималар билан изоҳлашди?

Жейн Корбин: Бу ниҳоятда қизиқарли бўлди. Қамоқхонада элликка яқин террорчиликка гумон қилинаётган покистонлик шахслар сақланаётган экан. Уларнинг орасида худкушлик ҳужумидан омон қолган ҳужумчилари ҳам бор. Лекин уларга ўхшаган бошқа кўплари аллақачон ўзларини портлатиб юбориб, кўплаб инсонларнинг умрларига ҳам зомин бўлишган. Дейлик, ўтган йили Афғонистонда 143 та худкушлик ҳужуми амалга оширилган. Бир неча йил олдин эса, бу каби ҳолларга умуман кўзингиз тушмас эди. Мен қамоқхонадаги худкуш ҳужумчилардан бири билан гаплашганимда у ўз қилмишидан пушаймон эканини айтди. Унга Америка ва Британия аскарлари жамлоғи яқинида катта миқдордаги портловчи модда юкланган юк машинасини портлатиб юбориш буйруғи берилган экан. Бироқ у зарарсизлантиришга муваффақ бўлинган. “ Йулга чиқишимдан аввал улар менга "Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар," деб такрорлаб боршимни айтишди. Бироқ мен мўлжалга яқинлашган пайтимда Худога чин дилдан нола қилиб, бирор бир мусулмон ёки бегуноҳ инсонни ўлдириш ниятим йўқлигини айтдим. Етиб боргач, у ерда кўзим мусулмонлар, афғонларга тушди. Уларни кўриб, ўзимни портлатишнинг ўрнига таслим бўлдим," дейди у. Биз унинг Покистон жанубидаги, яъни қавмлар яшовчи минтақада бўлмаган Пунжобдаги уйига ҳам бордик. Бирок Пунжоб аксарияти Кашмир минтақасидан бўлган жангариларнинг таянч нуқтаси ҳисобланади. Биз Обиднинг оиласига қилган қилмишидан пушаймон экани битилган мактубини ҳам топширдик. Улар Обиднинг қандай қилиб бунчалик радикаллашиб кетганидан хабарлари йўқлиги, унинг бир кун ўз-ўзидан йўқолиб қолганини айтишди. Обид мадрасага қатнаб юриб, қавмлар яшовчи минтақаларга ўтиб кетган. Унинг оила аъзолари Обидни шу йўлга солган деб, муллалардан ғазабга келишди. Ва биз орқали мактуб ёзиб, Худодан кечирим сўраб нола қилишини айтиб, ўзлари ҳам унинг озод этилишини тилаб, дуо қилиб қолишди. Лекин қамоқхонада Обидга ўхшамаган, яъни ғарблик ёки бирор бир бегуноҳ афғонни ўлдириш учун ўз жонини беришга тайёр шахслар ҳам бор эди. Мен шундай инсонлардан бири бўлган Халил билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. У белига портловчи модда боғлаб олиб, ўзини портлатмоқчи бўлган пайтда қўлга олинган. Халил ғарблик, устига-устак аёл киши билан бевосита суҳбатлашишга рози бўлмади. Шунинг учун ҳам мен унинг кўзидан пана жойда ўтириб, маҳаллий таржимон орқали у билан суҳбатлашдим. “Улар сизга ҳеч қандай тайёргарлик беришмайди. Улар портловчи моддаларни тайёрлаб, менга тутқазишди. Мен ўз ихтиёрим билан худкушликка қўл уриш қарорини берганман. Мусулмонлар даҳрийлар билан ҳеч қачон дўст бўла олишмайди," дейди у. Халилга ўхшаган инсонларни кўриб ва ўз эътиқоди йўлида жонини беришга тайёр инсонларнинг озмунча эмаслиги назарда тутилса, Покистон ва иттифоқ кучларини чегара минтақасида узун ва қонли қиш мавсумига туқнаш келишлари анчайин ҳақиқатга яқин.

Манба

Бўлимга кириш

Ассалому Алайкум.

Ушбу бўлимда дунёда юз бераётган энг сўнгги воқеалар ёритиб борилади. Улар турли хил манбалардан олинади.